20:38 / 31.10.2015
10369

НАСА Ерга қараб келаётган гигант астероид суратини намойиш қилди

Олимлар Ерга томон келаётган 2015 TB145 гигант астероидининг илк суратларини намойиш қилдилар. Бу объект АҚШнинг Гавайидаги Pan-STARRS автоматик тизими томонидан очилган. Унинг илк тасвирлари Пуэрто-Рикодаги Аресибо обсерваториясида олинди. Бу ҳақда НАСА сайтида маълум қилинди.

Олимлар олинган тасвирларда астероид марказида қора ҳудудлар борлигини аниқлашди. Астрономлар фикрича, улар зарба оқибатида ҳосил бўлган кратер излари бўлиши мумкин. Ҳаммаси бўлиб 30 октябрда астероиднинг 6 та радиолокацион сурати олинди. Тасвирларнинг сифати 1 пикселга 7,5 метрни ташкил қилади.

Астрономлар радиолокацион тизим ёрдамида астероиднинг кўрсаткичларини аниқлашди. Само жисмининг диаметри 600 метрни ташкил қилади (Тунгус метеоритидан 10 марта каттароқ). Астероид ўз ўқи атрофида 5 соатда тўлиқ айланиб чиқади ва сайёрамиз томон сониясига 35 километр тезлик билан келмоқда.

Тошкент вақти билан 22:00да астероид Ер сиртига 486 минг километр масофага (Ойгача бўлган масофадан 1,3 баробар каттароқ масофа) келади. Астероидни Россия ҳудудидан бинокль ва ҳаваскорлик телескопидан кузатиш мумкин бўлади. Объектни бошқа объектлардан унинг Катта Айиқ юлдузлар туркумидаги ҳаракатланишидан ажратса бўлади.

Астероид 10 октябрда очилган эди ва хавф туғдириши мумкин бўлган объект сифатида таснифланади. Бундай хавфли объектларга ўлчами 100 метрдан катта ва сайёрамизга 7,5 млн км лик масофадан келаётган жисмлар киради.

Кейинги марта астероид Ерга 2015 йилнинг сентябрида 38 млн км лик масофага яқинлашади. Астероид яқин 100 йил ичида сайёрамиз учун хавф туғдирмайди.

 

Top