16:24 / 01.11.2015
3405

"Когалимавиа" авиакомпанияси А321 ҳалокатидан туфайли парвозларни тўхтатмаслигини маълум қилди

"Когалимавиа" авиакомпанияси Airbus А321 самолётлари белгиланган парвозларни амалга оширишда давом этишини маълум қилди. Бу ҳақда компания раҳбариятидаги манбасига асосланган ҳолда "Интерфакс" хабар берган.

"Биз учишларни тўхтатмоқчи эмасмиз. Барча самолётлар учиш учун яроқли", дейди манба.

У авиакомпания паркларидаги барча самолётлар жиддий текширувдан ўтказилишига ишонтирган.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолди. Мазкур самолёт бортида 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Қайд этиш керакки, 31 октябрь кунги фожиадан кейин Emirates авиакомпанияси Синай яримороли устидан парвозларни тўхтатди.

Шунингдек, Германия ва Франциянинг энг йирик авиакомпаниялари Lufthanza ва Air France ҳам яриморол устидан парвозларни тўхтатишини маълум қилганди.

Авиакомпанияларнинг бундай қарор қабул қилишига ОАВларда ИШИД террорчилик гуруҳининг гўёки бу фалокатга алоқаси борлиги ва самолётни уриб туширгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгани сабаб бўлган.

Top