19:50 / 01.11.2015
4828

ОАВ: Мутахассислар А321 самолётининг "қора қутилари"ни ўрганишга киришди

Мутахассислар 31 октябрь куни Мисрнинг Синай яримороли ҳудудида фалокатга учраган Россия йўловчи самолётининг “қора қути”ларини ўрганишмоқда. Бу ҳақда Миср фуқаро авиацияси вазири Муҳаммад Раҳмага асосланиб, Блумберг агентлиги маълум қилган.

Қайд этилишича, қора қутилар Миср фуқаро авиацияси таркибидаги авиафалокатлар бўйича қўмита ихтиёрига етказилган.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолди. Мазкур самолёт бортида 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Аввалроқ Мисрда ҳалокатга учраган самолётнинг барча ёзишмалари Россиянинг ўзида текширилиши тўғрисида маълум қилинган эди.

Кейинчалик текширув Мисрда ўтказилиши, унда Росавиация ходимлари ҳам иштирок этиши хабар қилинди.

Top