12:10 / 02.11.2015
3747

АҚШда таниқли актёр ва собиқ сенатор Фред Томпсон вафот этди

1 ноябрь куни АҚШнинг Теннесси штати, Нэшвилле шаҳридаги уйида таниқли актёр Фред Далтон Томпсон 74 ёшида оламдан ўтди. У ўз вақтида республикачилар партиясидан сенатор бўлганди.

Фред Томпсон илк марта 1987 йилда "Чиқиш йўли йўқ" фильмида МРБ директори ролини ижро этиш орқали киноихлосмандларга танилганди. Кейинроқ, у "Қаттиқ ёнғоқ 2" фильмида аэропорт директорини ижро этди, бир неча йил ўтгач, "Қонун ва тартиб" сериалида чиқиш қилди.

Унинг киноархивида турли картина ва сериалларда ижро этилган 20дан ортиқ рол мавжуд.

Унинг сиёсий фаолияти янада ёрқинроқ кечган.

1994 йилда у Теннесси штатидан сенатор сифатида сайланган ва бу лавозимида 2003 йилгача муваффақият билан иш олиб борган.

У 2007 йилда АҚШ президентлиги учун сайловларда иштирок этиш истаги ҳақида билдирганди, лекин унинг сайловолди кампанияси етарли имзоларни тўплай олмади ва у 2008 йилнинг январида сайловда иштирок этмаслигини маълум қилди.

Фред Томпсон 2 марта уйланган, ҳар бир никоҳидан 2 нафардан фарзанд орттирган.

Унинг ўлимига саратон хасталиги сабаб бўлгани айтилган. У бу хасталик билан 10 йил давомида кураш олиб борган.

Top