11:32 / 02.11.2015
2934

ЖССТ: Ҳар куни 4,4 минг киши сил хасталиги сабабли вафот этмоқда

2014 йилда дунё миқёсида 1,5 млн киши сил хасталигидан вафот этди, уларнинг 140 минг нафари болалардир. Бу 1990 йилга қараганда қарийб икки баробар кам дегани. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2015 йил 28 октябрда Вашингтон шаҳрида эълон қилинган “2015 йилда силга қарши глобал кураш тўғрисидаги ҳисобот”да шу ҳақда сўз боради.

Ҳисоботда келтирилишича, сил касаллигига чалиниш ҳолатини камайтириш учун профилактика ва даволашдаги камчиликларни бартараф этиш, молиялаштиришдаги етишмовчиликларни тўлдириш ва янги ташҳисловчи воситалар, дори воситалари ва вакцина (эмлаш)ларни ишлаб чиқиш лозим.

ЖССТ расмий сайтида келтирилишича, 2000 йилдан кейинги асосий ижобий силжишларга Тараққиёт соҳасида мингйиллик мақсадлар жорий этилганидан сўнг эришилди. Умуман олганда, ҳисобот маълумотларига кўра, сўнгги 15 йил ичида самарали ташҳислаш ва дори воситалари шарофати билан 45 миллион нафар кишининг ҳаёти сақлаб қолинди.
Бутун дунёда силга чалиниш ҳолати 2000 йилдан сўнги ҳар йили 1,5 фоизга, умумий миқёсда 18 фоизга камайди.

“Эришилган муваффақиятларга қарамасдан, силга қарши кураш соҳасидаги ўсиш етарли эмас, – деди ЖССТнинг сил бўйича глобал дастури директори Марио Равильоне. – Ҳалигача ҳар куни 4,4 минг киши сил касаллигидан ўз вақтида ташҳис қилинмагани ва даволанмагани сабабли вафот этмоқда”.

Top