08:52 / 02.11.2015
3205

Синай шимоли устидан парвозлар Миср ҳукумати ва Евроназорат талабига кўра тўхтатилди

Россия йўловчи самолёти ҳалокатга учраган Синай яримороли шимоли осмонидаги парвозлар Миср ҳукумати ҳамда Евроназорат талабига кўра тўхтатилди, дея хабар берди Ҳаво навигацияси хавфсизлиги бўйича Европа ташкилоти (Евроназорат)нинг диспечерларни бошқариш маркази.

Расмий мурожаатда келтирилишича, аввал Кипр томонидан Синай яримороли шимоли устидан парвоз қилган рейслар ўз йўналишларини ўзгартиришлари лозим.

Евроназорат (IFPS) аввалдан белгиланган мазкур ҳудуддан учиб ўтиш режаларини қабул қилмайди, дея хабар бермоқда Avherald авиацион портали.

Авиакомпанияларга яриморол шимолини ғарб — Қоҳира ёки Порт-Саид томондан айланиб ўтиш тавсия қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб фалокатга учради. Мазкур самолёт бортидаги 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзосининг барчаси ҳалок бўлди. 

Top