10:11 / 04.11.2015
5078

Ўзбек астроном олими Франция мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти раҳбари, физика-математика фанлари доктори Шуҳрат Эгамбердиев Лазур қирғоғи обсерваторияси (Франция, Ницца) томонидан таъсис этилган La médaille de l’ADIONS медали билан тақдирланди. Бу ҳақда институт расмий сайтида эълон қилинди.

Шуҳрат Эгамбердиев 2015 йилнинг 1 январь куни Франция Республикасининг Фахрий Академик пальма ордени билан мукофотланган эди.
Ш.Эгамбердиев 1987 йилда Франциянинг штаб-квартираси Ницца университетида жойлашган IRIS (International Research on the Interior of the Sun) халқаро дастури доирасида Қуёшнинг глобал акустик тебраниши бўйича тадқиқот ўтказиб, Ўзбекистонда янги илмий йўналишга асос солган эди.

IRIS лойиҳаси ва унинг дунё бўйича мавжуд 6та станцияси Қуёшнинг глобал тебраниш сериясини узлуксиз ва кўп йиллар олишга мўлжалланган. Салкам 20 йил давомида Ш.Эгамбердиев IRIS лойиҳасининг фаол аъзоси сифатида илмий гуруҳи билан юртимиздаги IRIS станциясида (Қумбел тоғи) кўплаб кузатиш ишларини олиб борди.
Профессор Ш. Эгамбердиев Халқаро Астрономия уюшмаси аъзоси, 2002-2003 йилларда 28 мамлакат аъзо бўлган Осиё Фанлар Академияси ассоциациясининг Бош котиби этиб сайланган.

La médaille de l’ADIONS медали Лазур қирғоғи обсерваторияси илмий фаолиятига улкан ҳисса қўшган кам сонли олимларга тақдим этиладиган мукофот бўлиб, 1963 йилда илк бор таъсис этилган. Шу вақтга қадар 42 нафар олимга тақдим этилган.

Top