20:26 / 06.11.2015
2688

ОАВ: Покистонда қулаб тушган завод биноси зилзила вақтида шикастланган эди

Покистонда завод биноси қулаши натижасида ҳалок бўлганлар сони 29 нафарга етди. Бу ҳақда DPA ахборот агентлиги хабар тарқатган.

4 ноябрь куни Лаҳор шаҳрида қулаб тушган завод биноси харобалари остидан чиқариб олинган жасадлар сони 29 нафарни ташкил этган. Шунингдек харобалар остидан жароҳатланган 110 киши қутқариб олинган.

Харобалар остида яна 20 киши қолгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Лаҳорнинг Сундар туманида қулаган ушбу завод Plastic Industries пластик пакетлари ишлаб чиқариш билан шуғулланган, ҳалокат юз берган вақтда бино ичида 170 нафардан ортиқ ишчи бўлган.

Тахмин қилинишича, бу завод биноси 26 октябрь куни Афғонистонда рўй берган зилзила туфайли жиддий зарарланганди. Шунга қарамасдан бинода иш жараёни давом эттирилган.

Завод раҳбари Муҳаммад Ашраф ҳам вайроналар остида ҳалок бўлгани туфайли полиция корхонанинг бошқа раҳбарларини изламоқда.

Top