11:12 / 07.11.2015
12782

Бухородаги Болалар уйи тарбиячиси 3 ёшли болани калтаклагани хабар қилинди

“Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Маслаҳат.уз” гуруҳида бухоролик фойдаланувчи ўзини қийнаётган воқеа ҳақида ёзиб, гуруҳдошларидан маслаҳат сўради.

“Бухородаги Болалар уйига болалардан хабар олиш учун киргандим. Кетаётиб, бир боланинг йиғлаган овозини эшитдим. Деразадан қарасам, тарбиячи опа 3 ёшли болани ваннага олиб кириб, ура бошлади. Ўзим билмаган ҳолда бақирдим, юрагим эзилди, бола бечора жавраб қолди... Тарбиячи ўзини оқлаш учун: ҳали урмадим, деб қолди. Кўз ўнгимдан кетмаяпти. Қаерга мурожаат қилиш керак? Бегуноҳ болаларнинг аҳволи ҳар куни шундай”, - дея маълумот қолдирди бухоролик Ирода Ахмаджановна.

Мазкур пост гуруҳ аъзолари томонидан қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Аксарият фойдаланувчилар тарбиячининг хатти-ҳаракатини қоралашган.

“Болаларни яхши кўрмаганлар нима қиларкин болалар билан ишлаб?! У бечораларни қақшатиб ойлик олиб қандай татиркин ноинсофга?! Ундай бераҳмларни жойида ҳал қилиш керак! Ўксик дилни қақшатган яхшиликка эришолмийди!”, дея изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири. Пост муаллифининг изоҳда қўшимча қилишича, меҳрибонлик уйларига видеокузатув камералари ўрнатилган, шу сабабли болаларни ваннахонага олиб кириб уришади.

И.Ахмаджановна Kun.uz мухбири саволига жавоб берар экан, ҳодисанинг 2015 йилнинг 8 август куни Бухоро шаҳридаги Бухоро вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Болалар уйида бўлиб ўтганини, жараённи видеотасвирга олишга ижозат беришмагани маълум қилди.

Top