11:26 / 07.11.2015
2982

Нью-Йоркда биринчи динлараро муассаса ташкил этилди

Нью-Йорк шаҳридаги “Лонг-Айленд” шаҳарчасида жойлашган ислом маркази турли дин вакилларига ўзлари эътиқод қиладиган динлари ҳақида маълумот бериш ва мазкур динлар ўртасидаги бағрикенгликни таъминлашга асосланган биринчи динлар муассасасини ташкил этди, деб ёзади Muxlis.uz портали.
Мазкур муассаса ўз фаолиятини жорий йилнинг 25 октябрь кунидан бошлади. Кенгаш аъзолари сифатида турли дин ва маданият вакиллари танлаб олинди.
Муассасани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад –ҳозирда айрим ахборот воситаларида Ислом дини ҳақида тарқатилаётган бўҳтонлар ва нотўғри тушунчаларни бартараф этиш, бунда етук профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабаларни жалб қилиш ҳамда улар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, анжуманлар, симпозиумлар ва мусобақаларни ташкиллаштиришдан иборат.
Марказ таъсисчиларидан бирининг таъкидлашича, ҳозирда мусулмонлар бошқа динлар ҳақида маълумотга эга бўлиши, ўз навбатида бошқа дин вакиллари ҳам Ислом ва мусулмонлар тўғрисида батафсил маълумотларни билишга эҳтиёж катта.
Эслатиб ўтамиз, мазкур муассаса турли дин вакилларининг талабларини қондиришда муҳим аҳамият касб этиши, соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилмоқда.

Top