23:11 / 08.11.2015
2675

Пермда авариявий ҳолатдаги турар-жой биноси қулаб тушди

Пермда авариявий ҳолатдаги икки қаватли турар-жой биноси газ баллони портлаши оқибатида қисман қулаб тушди. Ҳозирча бир киши жароҳат олгани маълум қилинган. У шифохонага олиб кетилган. Биринчи қаватда яшайдиган яна бир киши портлаш кучи оқибатида ойнасидан кўчага учиб чиққан, бироқ шифохонага боришдан бош тортган.

Яна 6 киши эвакуация қилинган.

“9 фоиз танаси куйган бир киши бор. Дастлабки тахминга кўра, уйнинг қулашига газ баллони портлаши сабаб бўлган. Уйга газ қувуридан газ етказилиши расман тўхтатиб қўйилган”, деб айтди Пермь ўлкаси губернатори маъмурияти бошлиғи ўринбосари Игорь Орлов.

Орловнинг айтишича, уй 2008 йилда авариявий ҳолатда деб топилган эди. 2010 йилда уйда яшовчилар бошқа жойларга кўчирила бошланган. Расман уйда ҳеч ким турмаган. Бироқ, оилалардан бири кўчишдан бош тортган. У ерда бир киши турган. Уй бу одам турадиган подъезднинг бошқа томонидан қулаган. Губернаторнинг тахминича, уйнинг қулаган қисмида муайян яшаш жойига эга бўлмаган одамлар яшаган.

Воқеа жойида қутқарув, ўт ўчириш хизматлари, полициячилар, тез тиббий ёрдам ходимлари иш олиб боришмоқда. Вайроналар остида одамлар қолиб кетган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Top