17:08 / 12.11.2015
2964

Афғонистон ЖСТга аъзо бўлиш шартлари ва муддати бўйича келишувга эришди

11 ноябрь куни Афғонистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун навбатдаги қадамни ташлади. Рейтер нашри хабарига кўра, бу ҳақда 161 мамлакатдан иборат ташкилотнинг навбатдаги мажлисида маълум қилинган.

2016 йилнинг 30 июнига қадар Афғонистон ташкилот аъзоси сифатида ратификация қилиниши, шундан кейинги 1 ой ичида эса расман ЖСТ аъзосига айланиши мумкинлиги айтилган.

Мамлакат савдо вазири кейинги ойда Найробида ўтказиладиган навбатдаги йиғилишда иштирок этиб, тегишли ҳужжатларни тақдим этиши талаб қилинади.

Бундан олдинроқ, ЖСТга аъзо бўлиш тўғрисидаги битимни ратификация қилган Қозоғистон ва Либерияга қўшилиб Афғонистон кейинги йилда ташкилот аъзосига айланиши ва ташкилот аъзолари сони 161тадан 164тагача ортиши кутилади.

ЖСТ – жаҳон савдо соҳасида назорат қилиш вазифаларини амалга оширувчи ягона халқаро ташкилотдир. Ташкилотнинг асосий мақсади савдо соҳасини янада либераллаштириш ва мақбул рақобат шароитларини таъминлашдан иборат. Ташкилотга 1995 йилнинг 1 январида асос солинган, бош офиси Женева шаҳрида жойлашган.

Очиқ савдоларга қизиқиш билдириб келган Қирғизистон ва Тожикистон мазкур халқаро ташкилотга аллақачон аъзо бўлган.

Top