10:27 / 12.11.2015
4263

БМТга Каъбапўшнинг бир бўлаги совға қилинди

Саудия Арабистони Қироллиги 2015 йилги ҳаж мавсумида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Каъбапўшнинг бир бўлагини совға қилди, деб ёзади Muslim.uz портали. Муқаддас кисва(каъбапўш)ни Қиролликнинг БМТдаги доимий вакили Абдуллоҳ Ал-Муаллимий топширди.
Халқаро ташкилот бош котиби Пан Ги Мун туҳфани қабул қилиб олар экан: “Маккаи мукаррамадан Нью-Йоркдаги қароргоҳимизга юборилган бебаҳо совға учун миннатдорлик изҳор этишга изн бергайсиз. Ислом маданиятининг бир парчасини сақлаш ташкилотимиз учун фахрдир.”, - деб, миннатдорчилик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, каъбапўш бўлаги БМТга илкбор 1980 йилда ҳадя қилинган.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, Каъбапўш – эллик бўлакдан иборат ипак мато бўлиб, ундаги битиклар тилла суви юргизилган ип билан тикилади. У ҳар йил Зулҳижжа ойининг 9-куни, ҳожилар Мино водийсидан Арафот тоғига йўл олган пайтда алмаштирилади. Алмаштирилган Каъбапўш бир неча бўлакларга бўлиниб, бошқа давлатлардаги мартабали шахслар ва турли халқаро ташкилотларга туҳфа сифатида тарқатилади.

Top