18:03 / 12.11.2015
8313

Болалар семизлиги камбағаллар касаллиги деб тан олинди

Шифокорлар ота-онаси камбағал бўлган болалар кўп ҳолларда семизликдан азият чекади, дея маълум қилишди. Бу борада ўтказилган тадқиқотлар натижаси Preventive Medicine журналида чоп этилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда тахминан 42 миллион гўдаклар, мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар семизлик ёки ортиқча вазндан азият чекмоқда. Улар миқдори ҳар йили мунтазам равишда ошиб бормоқда ва 2025 йилга келиб бундай болалар сони 70 миллион нафардан ортади.

Монреал (Канада)даги Конкордия университети олими Лайза Какинами (Lisa Kakinami) ва унинг ҳамкасблари болалар семизлиги эпидемиясининг бундай равожланишининг эҳтимолий сабабларини ўрганар экан, ота-оналар томонидан олиб бориладиган тарбия усуллари ҳам ортиқча вазн тўплашга олиб келишини аниқлашди.

Олимлар умумий миқёсда 37 минг канадалик болалар ва ота-оналарининг оилавий ҳаётини синчиклаб ўрганиб, улар фарзанди ейишни истаётганини англаш салоҳияти ва бола парҳезини назорат қилиш даражаси мезонлари бўйича тўртта тоифага ажратилди.

Дастлаб Какинами ва унинг жамоаси ота-оналарнинг даромади ҳамда ижтимоий ҳолати болаларининг вазни ва парҳези борасидаги тарбия услубларига кучли таъсир кўрсатиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Аммо улар дастлабки натижаларни таҳлил қилар экан, оиладаги моддий таъминот фарзандлар, айниқса мактабгача ёшдаги болаларнинг семизликка мойиллигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи омил эканини аниқлашди.

Маълумотлар таҳлили расман камбағаллик чегарасида ҳаёт кечираётган оилаларнинг мактабгача ёшдаги болалар ота-оналарининг қанчалик қатъий тарбия қилишларидан қатъи назар, ўзига тўқ оилада вояга етаётган тенгдошларига қараганда 20 фоиз кўпроқ семизликка дуч келишини кўрсатди.

Top