16:14 / 18.11.2015
2586

Парижда аксилтеррор амалиёти якунланди: 7 нафар гумонланувчи ҳибс қилинди

Франция пойтахти Париж шаҳри шимолидаги Сен-Дени тумани ҳудудига ўрнашиб олган террорчиларнинг янги гуруҳини бартараф этиш мақсадида ўтказилган аксилтеррор амалиёт якунланди.

Охирги маълумотларга кўра, 3 соатдан ортиқ вақт давомида олиб борилган ушбу амалиёт орқали 7 нафар террорчи қўлга олинган.

Амалиёт давомида рўй берган талофатлар: тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, полиция ити ўққа учди ва 5 нафар полициячи жароҳатланди.

Шунингдек, ҳудудда ўрнашиб олган террорчилар билан рўй берган отишмалар вақтида 3 нафар жиноятчи йўқ қилинган (улардан бири ўзини портлатган аёл террорчи).

Ушбу гуруҳ Парижда 13 ноябрь куни содир этилган терактларга алоқадор бўлиб, улар шаҳарда янги терактлар уюштиришга ҳозирланаётган бўлган.

Қўлга олинганлар орасида Париждаги терактларни ташкил қилишда айбланган Абдислом ва Абауд йўқлиги айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь оқшомида Парижда содир этилган давомли терактлар туфайли 129 киши ҳалок бўлган, 352 киши жароҳатланган. Шифохонадагиларнинг 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Top