13:23 / 19.11.2015
4755

Қозоғистонда Россиянинг бир қатор машҳур телеканаллари трансляцияси тўхтатилиши мумкин

Қозоғистоннинг “Телерадиоузатиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш киритувчи янги меъёр давлат раҳбари томонидан имзоланган бўлиб, у 2016 йил 1 январидан кучга киради.

Қонуннинг 34-моддасига кўра, чет эл каналларидан ретрансляция қилиш чоғида Қозоғистон телеузатиш операторлари “Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ келмайдиган рекламанинг тарқатилишига йўл қўймаслиги лозим. 1 январдан эса ҳар қандай рекламани кўрсатиш тақиқланади.

“Яъни, ё рекламани кесишимиз, ё чет эл каналлари ретрансляциясидан мутлақо воз кечишимиз лозим. Чунки кесиш ускунаси ҳар бир канал учун 1-1.5 млн тангага тушади. Операторнинг ўртача харажатлари 60 млн тангани ташкил қилади”, - деди “Қустанай кабель тармоқлари” МЧБ директори Алексей Гердт Qostanay TV каналига берган интервьюсида.

Аммо бундай харажатлар ҳам барча муаммоларни ҳал қилиб бермайди. Ахир Қозоғистон қонунчилигига биноан бировнинг манфаатларини ифода этувчи ҳар қандай материал реклама ҳисобланади. Шу тариқа, анонслар, кўрсатувларнинг каттагина қисми реклама сифатида баҳоланиши мумкин. Бундай ахборотни автоматик йўқ қилишнинг техник усуллари ҳозирча ўйлаб топилган эмас.

Қонун операторларнинг фикри инобатга олинмаган ҳолда тайёрлангани айтилмоқда.

Top