08:32 / 21.11.2015
4482

Бельгия пойтахтида теракт хавфининг энг юқори даражаси эълон қилинди

Бельгия ҳукумати мамлакат пойтахти Брюссел шаҳрида теракт содир этилишининг юқори даражали эҳтимолидан огоҳлантирди. Бу ҳақда BNO News хабар тарқатган.

"Бу шаҳар ҳудудида террор содир этилиши эҳтимоли жуда юқори эканини англатади. Теракт таҳдиди даражаси тўртинчи даражага етган. Шаҳарда Париж терактига алоқадор шахсларни қидириш ишлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

Қайд этиш керакки, Париждаги теракт туфайли Бельгиянинг 2 нафар фуқароси ҳалок бўлган.

20 ноябрь куни Бельгия ҳукумати Париждаги терактга алоқадорлиги гумон қилинган бир шахсни қўлга олганди. Унинг исми аниқ айтилмаган.

DH.be нашри хабарига кўра, ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари жума куни марокашлик 39 ёшли А.Лазизни қўлга туширишган. У терактнинга асосий ташкилотчиси ва айни вақтда қидирилиши давом этаётган Салоҳ Абдисломга ёрдам берганликда айбланмоқда. Унинг Citroen русумли машинасида қон излари ва қурол топилган. А.Лазиз Салоҳ Абдисломни 14 ноябрь кунидан кейин кўрмаганини таъкидлаган.

Бельгия полицияси шу вақтгача Париж терактига алоқадорлиги бўйича ўнлаб гумондорларни қўлга олган.

Эслатиб ўтамиз 13 ноябрь куни Парижда давомли терактлар содир этилди. Дастлаб, "Стад де Франс" стадиони олдида портлаш, сўнг Сена дарёси бўйидаги кафелар мижозларига ўт очиш, шунингдек "Батаклан" театрида одамларни қирғин қилиш орқали амалга оширилган бу теракт натижасида 130 нафар киши ҳалок бўлган, шифохоналарга жароҳатланган 351 киши олиб борилган.

Top