09:56 / 21.11.2015
4570

Малида 3 кунлик мотам эълон қилинди

Малида 3 кунлик мотам ва 10 кунлик фавқулодда режим ҳолати амалда бўлиши эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Иброҳим Бубакар Кейта Бамакода 20 ноябрь куни амалга оширилган теракт бўйича маълумотларни маълум қилиш вақтида айтиб ўтган.

20 ноябрь куни пойтахтдаги Radisson Blu меҳмонхонасига Калашников автоматлари билан қуролланган шахслар бостириб кириши оқибатида асосан хорижликлар яшайдиган бу меҳмонхонада 19 киши ҳалок бўлгани (уларнинг ичида меҳмонхона хизматчилари ҳам бор) маълум қилинган. Шунингдек, 7 киши жароҳатланган, улардан 3 нафари қутқарув амалиётида иштирок этган ҳуқуқ тартибот органлари ходимларидир.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни эрталаб Мали пойтахти Бамако шаҳридаги Radisson Hotel Bamako меҳмонхонасига жангарилар бостириб кирди ва 170 кишини асирга олди.

Гаровдагиларни қутқариш учун ўтказилган амалиётда Франция ва АҚШ, шунингдек БМТ тинчликпарвар кучлари вакиллари иштирок этишган.

Бу ҳужум учун жавобгарликни "Ал-Қоида"нинг Африкадаги бўлимларидан бири "Ал-Мурабитун" гуруҳи ўз зиммасига олган.

Top