21:18 / 22.11.2015
8616

Ўшда самолёт билан содир бўлган кўнгилсиз ҳодиса тергови натижаларига кўра йўловчиларга товон пули тўланади

22 ноябрда “Ўш” халқаро аэропортида “Авиа Трафик Компани” авиакомпаниясининг Красноярск-Ўш йўналиши бўйича AVJ 768 рейсини амалга ошираётган “Боинг 737” самолёти фавқулодда қўнишни амалга оширди. Қўниш пайтида самолёт учиш-қўниш йўлагидан ташқарига чиқиб кетди.

“Ўшда самолёт билан содир бўлган кўнгилсиз ҳодиса тергови натижаларига кўра йўловчиларга товон пули тўланади”, деб айтди Қирғизистон бош вазири Темир Сариев тезкор йиғилишда. Бу ҳақда 24.kg нашри матбуот хизмати бошлиғи Назира Аҳмедова маълум қилди.

Аҳмедованинг айтишича, ҳозир жабрланганларнинг аниқ сони аниқланмоқда. “Темир Сариевнинг буйруғи билан самолётнинг Ўш аэропортида фавқулодда қўнишини тергов қилиш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия тегишли вазирликлар, бошқармалар раҳбарлари ва мустақил экспертлардан ташкил топган, унга транспорт вазири Арғинбек Малабаев бошчилик қилмоқда”, деб айтди Аҳмедова.

Ҳукумат комиссиясига воқеа жойига зудлик билан чиқиш, йўловчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш вазифаси юкланди. Бундан ташқари, йўловчилар юкининг бутлигини таъминлаш буюрилган. Ўш аэропорти ходимлари йўлакни тозалаб, парвозларни бошлаш ҳамда об-ҳаво шароити туфайли аэропорт авиация ишини кучайтириши буюрилди.

Темир Сариев комиссияга 10 кун ичида воқеа сабабини аниқлашни топширди. Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда қўниш об-ҳаво шароити туфайли бажарилган. Бироқ бош вазир бу ҳодиса самолёт қўнаётган пайтда учиш йўлагидан чиқиб кетаётган биринчи ҳолат эмаслигини таъкидлаб ўтди. Бундай ҳолат йил бошида ҳам юз берган эди.

“Хайриятки, қурбонлар бўлмади. Бироқ келгусида бундай ҳодисаларга йўл қўйиб бўлмайди. Ҳукумат комиссияси бу масалани кенгроқ кўриб чиқади. Биринчи ҳодисада нима қилингани, ёмон об-ҳаво шароитида қандай чоралар қабул қилинишини аниқлаш лозим. Шунингдек, барча самолётларнинг техник ҳолатини текшириш лозим”, деб айтди бош вазир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган дастлабки маълумотга кўра, самолётда бўлган ҳомиладор аёл шифохонага олиб борилган, унга руҳий кўмак кўрсатилган. Икки нафар йўловчи лат еган.

Ўш шифохонасида 4 нафар йўловчи қолмоқда. Шунингдек, учувчилардан бири ҳам шифохонага етказилган.

Top