00:51 / 22.11.2015
4494

Санкт-Петербургга экскаватор ковшида 820 кг гашиш олиб ўтилмоқчи бўлди

Санкт-Петербургга экскаватор ковшидан фойдаланган ҳолда 820 кг гашиш гиёҳванд моддаси олиб ўтилмоқчи бўлди. Бундай “антиқа” усул билан гашиш ташиш фикри бельгиялик гиёҳвандфурушлар миясига келди: улар гашиш қадоқланган 8 мингта боғламни эскаватор ковшига яширган ҳолда кема орқали Россияга жўнатишди.

Гиёҳванд моддалар яширилган экскаватор Санкт-Петербургдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирига мўлжалланган бўлган.

Россия Федерал божхона хизматида маълум қилинишича, гиёҳванд модда мобиль кузатув мажмуаси томонидан аниқланди.

“Эскаватор ёруғлантирилганда мутахассислар унинг ковшида қора доғларни кўришди. Бу унда нимадир борлигидан дарак берарди. Ковшнинг металли пармаланиб тешик очилганда унинг ичидаги бўшлиқда қандайдир ўсимлик моддаси борлиги аниқланди”, дейилмоқда божхонада.

Экспресс-синов натижасида бу модда гашиш эканлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, гиёҳванд моддани Россияга жўнатиш билан халқаро жиноий гуруҳ шуғулланган. Бу жиноят юзасидан бир неча киши, жумладан хорижликлар қўлга олинди.

Top