07:59 / 22.11.2015
3662

Шарм-аш-Шайхда сайёҳлик соҳасида инқироз кузатилмоқда

Бир қатор давлатлар, жумладан Россия ва Буюк Британиядан  парвозларнинг бекор қилиниши оқибатида Шарм-аш-Шайх курорт шаҳридаги меҳмонхоналар бор-йўғи 20 фоизга тўлмоқда, деб хабар бермоқда Жанубий Синай меҳмонхоналари иттифоқи раиси Ҳусайн Фавзийга иқтибос келтирган ҳолда The Cairo Post нашри

Фавзийнинг айтишича, Шарм-аш-Шайхда сайёҳлик соҳасида кузатилаётган вазиятни “фалокатли” деб тавсифлаш мумкин.

Ҳозирда бу ердаги сайёҳлардан ярми мамлакат ичида саёҳат қилувчи мисрлик сайёҳларга тўғри келмоқда.

Фавзийнинг таъкидлашича, агар Миср ҳукумати аэропортларда хавфсизлик чораларини кучайтирмаса, сайёҳлик соҳасини тиклаб бўлмайди. Унинг айтишича, мамлакатнинг ҳордиқ чиқариш жойи сифатидаги халқаро нуфузини тиклаш учун реклама тадбирларини ўтказиш зарур.

Миср сайёҳлик вазирлиги иқтисодий маслаҳатчиси Одил Раҳобнинг айтишича, сайёҳликдан олинадиган 3-чоракдаги даромадлар рейслар бекор қилиниши сабабли ўтган йилдагига нисбатан 15 фоизга камроқни ташкил қилади.

Top