16:16 / 24.11.2015
2826

"Боинг" самолётининг Ўш аэропортига ноқулай қўнишига двигател тизимидаги носозлик сабаб бўлган

Қирғизистоннинг Ўш вилояти ҳудудига авариявий ҳолатда қўнишга мажбур бўлган «Боинг» самолётида ўнг двигател ва гидравлика тизимида келиб чиққан носозликлар сабаб бўлган. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси ахборот хизмати хабар тарқатди.

Манбага кўра, 2015 йилнинг 22 ноябрь куни «Красноярск - Ўш» йўналиши бўйича парвоз қилувчи, бортида 154 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзолари жойлашган «Боинг-737» самолёти ҳавонинг кескин ёмонлашуви сабаб Бишкекдаги «Манас» аэропортида қўнишига тўғри келган. Ҳаво яхшилангунига қадар самолёт ёқилғи қўйиб олган ва шундан кейин яна парвоз қилган. Ўш ҳудудига келганда тахминан 3000 метр баландликда самолётнинг ўнг томон двигатели ва гидравлика тизими номаълум сабабларга кўра ишдан чиққан. Натижада лайнер командири Ўш аэропортига авария ҳолатида қўнишга мажбур бўлган».

Авария ҳолатида қўниш вақтида самолёт тахминан 1500 метр баландликда бўлган.

Ўш тиббиёт муассасалари берган маълумотга кўра, мазкур воқеа натижасида 10 нафар йўловчи кичик мия чайқалиши ва майда шишиш каби жароҳатлар олган. Оғир жароҳат олганлар қайд қилинмаган.

Ҳозирда мазкур воқеаларни батафсил ўрганиш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

Top