16:58 / 24.11.2015
10988

Кремль: Самолётимизни уриб туширишгани жуда жиддий ҳодиса

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Россияга тегишли Су-24 самолёти, катта эҳтимол билан, ердан берилган зарба оқибатида Сурияда қулаган. Дастлабки маълумотларга кўра, учувчилар катапульта қилишга улгурган, уларнинг тақдирига ойдинлик киритилмоқда.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песков Су-24 билан боғлиқ ҳодиса юзасидан шошилинч муносабат билдириб бўлмаслигини билдирди.

«Воқеа борасида тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан туриб, вазиятга баҳо бериш тўғри бўлмайди. Шундай экан бундай вазиятда бир оз сабр қилиш лозим бўлади. Бу жуда жиддий воқеа. Аммо яна бир бор қайтараман, тўлиқ ахборотга эга бўлмасдан туриб нимадир гап айтиш мумкин эмас. Бу тўғри бўлмайди», — қайд этиб ўтди Песков.

Песков ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Туркияга ташрифи бекор қилиниши борасида изоҳ беришни истамади. «Ташқи ишлар вазирлигига телефон қилинг», — дея таъкидлаган Песков.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Мудофаа вазирлиги Сурия ҳудудидаги ҳарбий самолёт қулагани ҳақида хабар берган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, учувчиларнинг бири ҳалок бўлган.

Top