21:22 / 24.11.2015
4637

Тожикистоннинг 1500 фуқаросига Россияга киришга рухсат берилди

Турли сабабларга кўра Россияга кириш тақиқланган Тожикистоннинг 1500 фуқаросига Россияга киришга рухсат берилди. Улар энди яна Россия чегарасини кесиб ўта оладилар. Умумий ҳисобда Тожикистон миграция хизмати Россияга қайта киришга рухсат бериш учун 3000 та ариза олган.

Бу Тожикистон миграция хизмати ва Россия Федерал миграция хизмати ўртасидаги музокаралар эвазига мумкин бўлди.

Таъкидланишича, жараён бепул бўлиб, қуйидагича кечади: ариза олинади, маълумотлар тўпланади ва Россия ФМХга юборилади. У ердагилар 15-25 кундан кейин Тожикистон миграция хизматига жавоб юборадилар.

Шу билан бирга манба Россияга киришга тақиқлов билан депортация ва ҳайдаб чиқаришни адаштирмасликни айтди. Россияда амалга оширилган қонунга хилоф ҳаракатлар, мисол учун, телефонга, коммунал хизматларга ҳақ тўламаслик, рўйхатдан ўтишни ортга суриш ва шу кабилар учун Россияга кириш тақиқланади. Бундай қоидабузарлар 200 мингга бориб қолган.

“Россияда ўқиш ва даволанишни истовчилар ҳамда Россия фуқаролари орасида яқинлари бўлганлар устунликка эгалар”, деб айтди манба.

Манбанинг таъкидлашича, ҳар йили Тожикистондан Россияга 700-800 минг тожик жўнаб кетади.

Россия ФМХ маълумотларига кўра, 6 ноябрь ҳолатига кўра, Россияда 933 мингдан кўпроқ Тожикистон фуқароси, жумладан 733 мингдан кўпроқ эркак ва 159 мингга яқин аёл бор. Йил бошида Россияда 999,1 мингдан сал кўпроқ тожикистонлик бўлган.

Top