17:00 / 25.11.2015
6528

CNN: Сурия ихтилофи Учинчи Жаҳон урушини эслатиб юбормоқда

Россияга тегишли Су-24 самолётининг Туркия ҳаво кучлари томонидан уриб туширилиши Сурия ихтилофининг ўта хавфли даражада аланга олишига сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди CNN журналисти.

Таъкидланишича, Суриядаги уруш Париждаги терактларга омил бўлиб хизмат қилди; муаллиф бу воқеаларни Иккинчи Жаҳон урушидан буён Европада содир этилган энг қўрқинчли террорчилик ҳужуми деб баҳолади. Рим папаси Франциск Париж терактларини Учинчи Жаҳон урушининг бошланиши деб атади, аммо Суриядаги ихтилофнинг ўзиёқ юз йиллик урушига айланмоқда.

Негаки зўравонлик бир давлат чегараларидан чиқиб кетди, бошқа давлатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шиалар суннийлар билан, араблар форслар билан, турклар курдлар билан уруша бошлади, “ал-Қоида” ва ИШИД бир-бири билан пойга ўйнай бошлади, Россия, АҚШ ва ЕИ ўртасидаги рақобат авжига чиқмоқда.

Ўз навбатида, суриялик қочинлар бутун дунёга тарқаб кетди, террорчилик ҳужумларидан Сурия, Ливан, Ироқ, Туркия, Канада, Франция, Россия, Нигерия, Дания, Австралия, Нидерландия, Мали ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳалок бўлмоқда.
Иттифоқлар, кутилмаган ҳаракатлар, кенг миқёс – бу жаҳон урушининг белгиларидир, деб ёзади муаллиф. Сурия ихтилофига 60 давлат аралашиб қолгани эса Яқин Шарқдаги вазият Учинчи Жаҳон урушига айланиши мумкинлигидан далолат беради.

Top