18:24 / 25.11.2015
6626

Қозоғистонда мобил қуллик бекор қилинди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунни имзолади, деб хабар беради Оқ Ўрда матбуот хизмати. Қонундан кўзланган мақсад жамиятни ахборотлаштириш жараёнини давом эттиришдир. Лойиҳа “Ахборотлашган Қозоғистон – 2020” дастури доирасида тайёрланган бўлиб, давлат раҳбарининг 5 институционал ислоҳотлар билан боғлиқ равишда берилган кўрсатмаларига асосланади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Корея, Австралия, Канада, Сингапур, Финляндия, Малайзия сингари давлатларнинг тажрибасидан фойдаланилган.

Қонун аҳолининг рақамли саводхонлигини ўстиришга хизмат қилади. 2014 йилги статистик маълумотларга қараганда, бу кўрсаткич қозоғистонликлар орасида 64 фоизни ташкил қилади.
Шунингдек, қонун “мобил қуллик”ни бекор қилади, яъни телефон рақамлари муайян компанияларга боғлаб қўйилмайди.
Бундан ташқари, қонун билан мамлакат содир этилаётган барча жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар қайд қилиб бориладиган “Ҳуқуқбузарликлар харитаси” интернет-портали яратилади.
Айни пайтда, Назарбоев “Ахборотлаштириш масаласидаги айрим қонунчилик актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни ҳам имзолади.

Top