14:31 / 25.11.2015
2855

WT: АҚШда ноқонуний муҳожир болалар жиноятчилар уйларига жойлаштирилди

АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти ноқонуний муҳожирларнинг бир неча минг нафар болалари аввал қотиллик, одам савдоси ва вояга етмаганларни зўрлаш жиноятларини содир этганларнинг уйларига жойлаштирилган, дея ёзмоқда The Washington Times нашри сенатор Чак Грессли баёнотига асосланган ҳолда.

Қайд этилишича, агарда мазкур маълумот расман тасдиқланса, бу хавфли ҳолатларда қолган болаларни ҳимоя қилиш ҳукуматнинг асосий вазифаси деб баёнот берган Обаманинг миграцион сиёсати учун “қора белги”га айланади.
Чак Грессли маълумотларига кўра, энг камида 3400 бола жиноий ўтмишга эга кишиларнинг уйларига жойлаштирилган.

“Зарурий текширув ўтказилмайди ва бунинг учун болалар товон тўлашади, дея тахмин қилмоқдаман”, - дейилади Айова штатидан бўлган сенаторнинг АҚШ ички хавфсизлик маҳкамаси котиби, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ижтимоий хизматларга йўлланган мактубида.

Гресслининг айблови чегара назорати жануби-ғарбий чегаралар бўйлаб контрабандистлар ёрдамида ўтиб олган 5 минг нафардан зиёд назоратсиз вояга етмаган муҳожирлар аниқланганидан сўнг эълон қилинди. Қочқинлар марказлари катта миқдордаги муҳожирларни қабул қилиш имконига эга эмас эди ва шу сабабли болаларнинг бир қисми шахси синчковлик билан ўрганилмаган ҳомийларнинг уйларига жойлаштирилган.

Top