Ўзбекистон | 19:17 / 26.11.2015
42303
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятига янги ҳоким тайинланди

2015 йилнинг 26 ноябрь куни Наманган вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг 6-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.

Мажлисда Хайрулло Хайитбаевич Бозаров Наманган вилояти ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда KUN.UZ нашри ўз ахборот манбасига асосланиб, хабар беради.

Х.Ҳ.Бозоровни Наманган вилояти ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони УзАга жойлаштирилган.

"Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 15-банди ва 102-моддаси ҳамда халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг қарорига мувофиқ:
Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоров Наманган вилояти ҳокими лавозимига тайинлансин".

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ Баҳодир Турсунович Юсупов Наманган вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

Хайрулло Бозоров 1976 йил 16 январда Чортоқ туманида таваллуд топган. Олий Мажлис сенати аъзоси.

Наманган вилоятининг янги ҳокими 1995 йилда Наманган саноат-технология институтини тугатган.
У 1995 йилдан 2003 йилгача Наманган Давлат солиқ бошқармаси инспектори, катта инспектори, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган.
2003 йилдан 2005 йилгача эса Наманган шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2005-2006 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, 2006-2007 йилларда ҳокимликнинг Ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.
Хайрулла Бозоров 2007-2008 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.
У шу вақтгача вилоятнинг 3та туманига ҳокимлик қилган: 2008-2009 йилларда Учқўрғон туманида, 2009-2014 йилларда Чуст туманида, 2014 йилдан ҳозиргача Мингбулоқ туманида.