Ростуризм раҳбари Олег Сафонов Россия ва Туркия сайёҳлик соҳасидаги алоқаларни тўхтатишини маълум қилди.
"Биз Миср билан авиаалоқалар вақтинчаликка тўхтатилганини яхши биламиз. Энди Туркия билан ҳам худди шундай бўлади", деган у РИА Новости нашрига.
Бироз олдинроқ, Давлат думаси депутатлари россияликлар учун хавфсиз янги сайёҳлик йўналишлари тузиб чиқишни таклиф қилишганди.
Ростуризм бу қарорни Туркия томонидан Су-24 самолёти уриб туширилишига жавобан қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.
Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.