15:31 / 28.11.2015
12358

Андижонга бир келинг...

Мустақил юртимнинг ҳар бир гўшасида бўлсангиз, унда ҳукм сураётган тинчлик, фаровонлик ва олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан кўнглингиз кўкка бўй чўзади.
Рости, киндик қони тўкилган заминни, фарзандим деб миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаб, вояга етказган юртни унутган кимсаларнинг кўзи, таффакури ожизлиги атрофидаги ҳар бир унсурда Ватан аксини кўра олмаслигида бўлса керак.

Ахир, Ватан ва унинг не эканлигини ҳис этиш, унинг сурат ва сийратини англаш қонимизда аждодлардан мерос...

Ҳозирги кунда ёшларимизни турли ёт оқим ва фитначи гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслигини олдини олиш жамият учун долзарб вазифалардан бири. Ўсиб келаётган ёш авлод ўз қадрдон юртидан фахрланиб, ўзгача ғурур билан улғайишлари лозим. Чунки, биз обод ва озод ўлкада яшаб умргузаронлик қиляпмиз.
Касбим тақозоси билан ёнимда доим фотоускуна ва ёндафтарча юради. Ўзимни ҳайратга солган манзараларни ҳам сўз, ҳам тасвир орқали муҳрлаш ҳам одатга айланган. Бугун сизларга Андижон шаҳридаги Бобур майдони ҳақида сўзлаб берсам:

Бобур майдони

Атрофга сувдан камалак жилосини буркаб турган мусиқий фаввора ва турфа гулларга бурканган майдон тўрида буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур тулпорда виқор билан билан келажакка нигоҳ ташлайди. Атрофга таралаётган майин куй ажиб муҳит пайдо қилган.

Кўриб турганингиз, шоир ва саркарда бобомиз орзу қилган фаровон кунлар рўёбининг аслидек, гўё. Ушбу файзли ҳиёбонга бир бор ташриф буюрсангиз, яна бир келишни дилингизга туясиз.

Ҳа, Андижон шаҳрида қайта таъмирланиб, замонавий кўринишда гўзаллашган Бобур майдони айни кунда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг дам олиш масканига айланган
Майдоннинг энг диққатга сазовор жойларидан бири - мусиқий фонтан бўлди. Сув, мусиқа ва чироқлар иллюминацияси бир маромга мослаштирилган. Товушни кучайтирувчи мосламалар шундай жойлаштирилганки, мусиқа садолари бутун майдон ва унинг ташқарисига ҳам тарқалади. Андижонга оқшом қўнганида разм солсангиз ранглар жилосида рақс тушаётган фаввора сеҳрли кўриниш касб этгандек...

Кундуз кунлари олам-олам орзулар билан янги оила қураётган келин-куёвлар саркарда ва шоир боболарини йўқлаб келадилар. Фарзандлари дунё мўжизаларидан бири бўлган муҳаббат саройи - Тожмаҳални қурган дилбар шахс ҳайкали ёнида ўз севги қасрларини бунёд этишга аҳду-паймон қилишади.

Оппоқ либосдаги сулув келинчакни ёнига олиб, дўсту-ёрлар даврасида шодон сайр қилиб юрган куёв йигитни суҳбатга тортамиз. – Бугун келинчагим Мавжудахон билан ҳаётимиздаги энг бахтли кунни Бобур майдонида нишонлашдан бошладик,- дейди куёв йигит Ихтиёржон Сулаймонов. Дўстларим ва турмуш қураётган жуфти ҳалолимнинг дугоналари билан ҳиёбонни айланиб, ажиб лаҳзаларни фотосуратларга муҳрладик.

Йўлингиз тушиб Андижонга келсангиз, албатта Бобур майдонини бир кўриб ўтинг. Шунда сиз йилнинг тўрт фаслида ҳам чиройини йўқотмайдиган ҳиёбонда бахтли инсонларнинг фаровон ҳаётидан мамнун ҳолда табассум билан сайр қилаётганига гувоҳ бўласиз.

Элмурод ЭРМАТОВ (муаллиф олган фотосуратлар)

Андижон манзаралари:

Top