08:46 / 04.12.2015
8242

2016 йилда Россиядан Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирлари учун янги иш ўринлари очилади

Хабарингиз бор, 2015 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси очилган эди. Унда сенаторлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 2016 йилда янги иш ўринларини очиш ва аҳолини иш билан таъминлаш дастурини тасдиқлашди.

ЎзА хабарида келтирилишича, дастурда туманлар ва шаҳарлар кесимида ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг сонини ҳисобга олган ҳолда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари белгилаб олинди, кичик саноат зоналарини ташкил этиш, иш ўринларини банд қилиб қўйиш орқали иш ўринларини яратиш йўналишлари кенгайтирилди ҳамда алоҳида ажратиб кўрсатилди.

Аҳолини, шу жумладан, хотин-қизларни, ногиронларни ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг бошқа тоифаларини ва энг аввало, ёшларни ишга жойлаштиришнинг, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишнинг янги усулларидан фойдаланиш назарда тутилмоқда.
Дастурда оилавий тадбиркорликни, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг кредит ва моддий хомашё ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, коллеж битирувчиларини ишга қабул қилувчи кичик корхоналарга кенг имтиёзлар бериш ҳисобига иш ўринларини ташкил этишда кичик бизнеснинг ролини янада оширишга доир чора-тадбирлар алоҳида ўрин эгаллайди.

Корхоналар (иш берувчи), таълим муассасаларининг битирувчилари ва ота-оналар ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар самарадорлигини ошириш ва бундай шартномаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган ишга жойлаштириш масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Дастурда иш ўринларини ташкил этиш, аҳолини ишга жойлаштириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг, барча даражадаги ҳокимликларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда. Умуман олганда, дастурга мувофиқ 2016 йилда 992,7 минг кишини ишга жойлаштириш назарда тутилган. Уларнинг 511,5 мингтаси таълим муассасалари битирувчилари, 148 мингтаси эса Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирлари, жумладан, Россиядан келганлар учун мўлжалланган.

Top