16:14 / 07.12.2015
9091

Қўқонлик транспортчилар ташаббуси

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги байрамига қўқонлик транспортчилар муносиб туҳфа тайёрлашди. Эртага шаҳар аҳолисига бепул транспорт хизмати кўрсатилади.

Кундалик турмушимизни автотранспорт воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Автомобиллар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган энг мақбул кўмакчига айланиб улгурди.
Хусусан, вилоятимизда ҳам автотранспорт хизматлари фаолиятини тартибга солиш, улар томонидан йўловчилар ташиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Натижада аҳолига транспорт хизмат кўрсатиш сифати кескин яхшиланиб бормоқда. Вилоят ҳокимининг 2015 йил 25 ноябрдаги “Вилоятда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини йўналишли автобус ва микроавтобусларда имтиёзли ва бепул ташишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳам барчани мамнун этди.
Айни кунларда Қўқон шаҳрида 10 та йўловчи ташиш билан шуғулланаётган корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Уларда 250дан зиёд замонавий автобуслар бор.
-Ҳамшаҳарларимизга байрам кунида қувончларига шерик бўлаётганимиздан хурсандмиз, -дейди “Инвест транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Раупов. –Жамиятимизнинг 50 та автобуслари байрам куни аҳолига бепул транспорт хизмати кўрсатишади.

М. СУЛАЙМОНОВ.

Top