13:52 / 07.12.2015
3810

Қозоғистон Каспийдаги назоратни кучайтирди

Қозоғистон кемалари Озарбайжоннинг Каспий денгизидаги платформасида содир бўлган ёнғиндан сўнг сув ҳудудидаги назоратни кучайтирди. Новости-Казахстан агентлигининг мамлакат чегара хизматига таяниб хабар қилишича, жароҳат олганлар ва зарар кўрганларни топиб, уларга ёрдам бериш мақсадида патрул хизматлари эртаю кеч ишламоқда.

Озарбайжон давлат нефть компаниясининг “Гунашли” нефт қазиб олувчи платформасида содир бўлган ёнғин жума куни, Каспий денгизидаги тўфон туфайли газ линиясининг узилиши оқибатида содир бўлди. Охирги маълумотларга қараганда, 30 киши дом-дараксиз кетган, 1 киши ҳалок бўлган, 32 киши қутқариб олинган. Озарбайжонда бир кунлик мотам эълон қилинган.

Озарбайжон давлат нефть компанияси президенти ўринбосари Холиқа Мамедованинг сўзларига қараганда, Озарбайжон Каспийбўйи давлатларига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

“Ҳозирча минтақада мураккаб метеошароитлар сақланиб турибди. Шунга қарамай, қирғоқ қоровули хизмати бошлиғи томонидан жавобгарлик зонасидаги катерлар ва кемаларга вазиятни тўхтовсиз назорат қилиш топширилди. Қандайдир объектлар ёки азият чекканлар аниқланган тақдирда ҳисобот бериш ҳамда зарурий ёрдамни кўрсатиш топширилди”, - деди компания матбуот хизмати.

Top