19:49 / 10.12.2015
6750

Ўзбекистон йилига 1,4 млрд куб ёнилғини иқтисод қилмоқчи

Ўзбекистон иссиқлик электростанцияларига умумий қуввати 1970 МВт бўлган янги пар-газ ускуналарини ишга тушириш орқали йилига қарийб 1,5 миллиард куб миқдоридаги ёнилғини тежашни режалаштирмоқда, дея хабар қилди Sputnik агентлиги "Ўзбекэнерго"даги ахборот манбаси маълумотига таянган ҳолда.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, янги пар-газ қурилмалари Толимаржон, Тошкент, Тахиатош, Навоий ИЭСларига ўрнатилади. Мазкур замонавий ускуналар юқори техник-иқтисодий кўрсаткичларга эга бўлиб, уларнинг ҳар бири йилига 360 миллион куб ёнилғини иқтисод қилади.

“Мазкур йўналишда фаолият кўрсатиб турган электростанцияларда кенг миқёсли модернизация ва реконструкция ишларини олиб бориб, электр тармоқлари, қўшимча электр станциялари (подстанция) ва янги қувват ишлаб чиқарувчилари барпо этилади”, - деди ташкилот вакили.

Бундан ташқари, мутахассиснинг айтишича, 2020 йилга қадар “Ўзбекэнерго” мавжуд 15та гидростанцияда ҳам модернизация ва реконструкция ишларини олиб боришни режалаштирмоқда.
2020 йилга қадар қабул қилинадиган йиллик инвестицион дастурларда умумий қиймати 8,9 миллиард долларни ташкил этувчи 33та инвестицион лойиҳа амалга оширилади.

Top