15:59 / 10.12.2015
7252

Солиқ қўмитаси: назорат қилувчи органларнинг 2016 йил учун текширишлар режа-жадвали тасдиқланди

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг 2015 йил 7 декабрдаги 1-сонли қарори билан назорат қилувчи органлар томонидан 2016 йилда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар режа-жадвали тасдиқланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, текширишлар режа-жадвали “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун талабларига қатъий риоя этган ҳолда ишлаб чиқилди.

Хусусан, ушбу қонунга асосан назорат қилувчи органлар томонидан барча режали текширишлар кичик тадбиркорлик субъектларида кўпи билан 4 йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан 3 йилда бир марта ўтказилиши белгиланган. Натижада 2016 йилдан бошлаб айрим субъектларда турли назорат органлари томонидан ҳар йили режали текшириш ўтказилишининг олди олинди.

Лойиҳани ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш ваколатига эга бўлган 30 та вазирлик ва идораларнинг тегишли таклифлари ўрганиб чиқилиб, таҳлил натижасида уларнинг 9,9 мингтаси лойиҳага киритилмади.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти бўйича текширишларнинг барчаси камерал назорат натижасида қоидабузарликлар аниқланган ҳолатлар асосида шакллантирилди.

Шунингдек, текширишлар режа-жадвалини шакллантиришда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган маърузасидаги хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан билдирилган фикрлари ҳам инобатга олиниб, 2016 йилда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар режа-жадвали 2015 йилга нисбатан 10 фоизга қисқартирилган ҳолда тасдиқланди.

Кенгаш қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳудудий комиссияларига режа-жадвалдан тегишли кўчирмалар ижросини таъминлаш учун назорат органлари ва туман (шаҳар) ҳудудий комиссияларига зудлик билан етказиш топширилди.
Назорат қилувчи органлар раҳбарларига режали текшириш ўтказилиши мўлжалланган тадбиркорлик субъектларига режали текшириш муддатлари ва предмети тўғрисида текширишнинг режада белгиланган бошланиш муддатидан камида 30 календарь кун олдин ёзма шаклда хабарнома юборилишини, текшириш тайинлаш тўғрисидаги буйруқларни Кенгашнинг “Tekshirishlar.uz” веб-сайтига жойлаштириб борилишини ҳамда режали текширишларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлаш юклатилди.

Top