23:41 / 12.12.2015
7762

ОАВ: Анқара Россия газини туркман газига алмаштиришни кўзламоқда

«Независимая газета» сайтида ёзилган Виктория Панфилова муаллифлигидаги «Анқара Россия газини Туркман газига алиштиришни кўзламоқда» номли мақолада Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоғаннинг 11-12 декабрь кунлари Туркманистонга ташрифидан кўзланган асосий мақсадлар ҳақида фикр билдирилган.

Муаллифнинг фикрича, Анқара шу кунларда «туркман қартасини» ўйнайди, чунки Туркия мазкур давлат ва умуман Марказий Осиёда позицияларини кучайтиришдан манфаатдор.

Экспертларнинг қайд этишича, бугунги кунда Туркманистон иқтисодиёти яхшилаб турк бизнесига бириктилиган. Давлат бюджетига асосий даромадларни туркманлар нефть ва газ савдосидан олишига қарамай, жонли пуллар туркман ва турк элитасининг бизнес-лойиҳаларида жадал қўлланилади.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида Туркия Туркманистон иқтисодиётига 24 млрд доллар сармоя киритган бўлиб, 900дан ортиқ инвестициявий лойиҳаларни амалга оширган. Фақатгина охирги икки йил ичида Туркия республикага 10 млрд. доллардан ортиқ малбағ киритган. Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 6 млрд. долларни ташкил қилди.

Бу орада, туркман-турк иқтисодий муносабатлари шароитида Ашхободнинг Москва билан алоқалари анча камтар кўринади (Айниқса 2009 йилда Россия томонидан туркман гази харидлари қисқарганидан сўнг).

2015 йил март ойига кўра, РФ ва Туркманистон ўртасидаги савдо айланмаси атиги 910 млн. долларни ташкил қилди. Мазкур республикада Россия иқтисодий иштирокининг камайиши ва аксинча, Туркия мавжудлигинг кенгайиши тенденциялари сақланиб қолмоқда.

Шу билан бирга, Р.Эрдоғаннинг Г.Бердимуҳамедов билан музокараларида ҳал этиладиган муҳим масала Туркияга газ етказиб беришга доир. Куни кеча Туркия президенти айтганидек, Анқара Россиядан энергия ташувчилари импорти тўхтатилган тақдирда Россия гази ўрнига бошқасини топади. Яқинда Туркия суюлтирилган табиий газ импорти тўғрисида Қатар билан меморандум имзолади. Шунингдек, Туркманистон Анқара газ таъминотчиси сифатида баҳоланмоқда. Хусусий турк компаниялари Эрон орқали 2 млрд. куб метр туркман газини сотиб олишга келишган, аммо Анқара харидларни 10 млрд. куб метрга етказишни кўзламоқда.

Top