12:44 / 13.12.2015
9772

Луи ван Гаал "Борнмут"дан учралган мағлубиятнинг асосий айбдори номини айтди

"Манчестер Юнайтед" жамоасининг бош мураббийи АПЛнинг 16-турида "Борнмут" жамоасига қарши сафарда кечган учрашувда учралган мағлубиятда асосий айбдор жамоа дарвозабони эканини билдирди.

У ўйиннинг иккинчи дақиқасида бурчак нуқтасидан тепилган тўпни ўтказиб юборган Давид Де Хеани мағлубиятнинг асосий айбдори сифатида кўрсатган.

"Давид Де Хеа мутлақо жиддий хатога йўл қўйди. Унинг ўзи ҳам буни мендан кўра яхшироқ билади", дейди ван Гаал.

Бундан олдинроқ, мураббий "Борнмут"дан мағлуб бўлган шогирдларини мақтаганди.

"МЮ" футболчилари охирги 3 ўйиннинг иккинчи таймларида дарвозаларга биттадан ортиқ зарба бера олишмаган.

"МЮ" "Борнмут"га 1:2 ҳисобида ютқазиш орқали ғалабасиз сериясини 5та ўйинга етказди.

Жамоа охирги ғалабасини 21 ноябрь куни, "Уотфорд"га қарши ўйинда (2:1) қайд этганди. Шундан сўнг "ПСВ" (0:0), "Лестер" (1:1), "Вест Ҳэм" (0:0), "Вольфсбург" (2:3) жамоалари билан ўйинларда очко йўқотилганди.

Айни вақтда жамоа, 16 тур ўйинлари якунланмаган бир пайтда турнир жадвалида 29 очко билан тўртинчи ўринда турибди. Тур якунида "Тоттеҳэм" жамоасида "МЮ"ни қувиб ўтиш имконияти мавжуд.

"Манчестер Юнайтед" футболчилари ўтказилган 16та ўйинда 21та гол уриб, 12та ўтказиб юборишган.

Top