11:49 / 13.12.2015
7473

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Ашхободга ташрифи давомида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Туркманистон Президенти матбуот хизмати маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг янада ривожланиш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича фикрлар алмашилди.
“Дунёнинг турли минтақаларида вазият кескинлашмоқда, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб бормоқда. Бугун терроризм турли шакл ва кўринишларда намоён бўлмоқда, унинг туб сабаб ва манбаларига қарши курашиш зарур”, деб таъкидлаб ўтди учрашувда Ислом Каримов.
Гурбангули Бердимуҳамедов Ислом Каримовга ташрифи, Ўзбекистон Туркманистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун катта миннатдорчилик билдирди, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
“Учрашув давомида Туркманистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари ва уни ўзаро манфаатларни тақдим қилувчи асосий йўналишлар бўйича кучайтириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди, икки қўшни давлатнинг замонавий ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий устувор йўналишлари, икки қардош халқнинг маданий ва тарихий анъаналари, мавжуд умумий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда томонларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда сермаҳсул алоқаларни янада чуқурлаштиришга ўзаро йўналганлиги қайд қилиб ўтилди”, деб айтилмоқда Туркманистон Президенти матбуот хизмати берган хабарда.

Top