23:01 / 17.12.2015
4619

Иқтисодчи Қозоғистонда долларнинг нархи 400 тангагача кўтарилишини прогноз қилмоқда

Яқин орада қозоқ тангаси курси 1 доллар учун 400 тангагача кўтарилиши мумкин. Бундай прогнозни иқтисод фанлари доктори, Қозоғистон давлат университети фан бошқармаси бошлиғи Андрей Коваль бермоқда.

Унинг айтишича, нефть нархининг пасайиши миллий валюта курсига сезиларли таъсир қилади, бироқ у буни биринчи навбатда ишлаб чиқариш тармоғи билан боғламоқда. Иқтисодчининг айтишича, Қозоғистонда ўрта ва кичик тадбиркорликни ривжлантириш зарур, кредит-молия механизмлари ҳам ишламаяпти, Қозоғистон Марказий банки эса вазият юз бергандан кейингина жавоб бермоқда ҳамда прогнозлаштириш механизмларига эга эмас.

Ковалнинг таъкидлашича, аҳоли валюта бозоридаги вазиятга борган сари хавотир билан муносабат билдирмоқда. “Бу омилларнинг барчаси, яқин орада танга бизнинг иқтисодий ривожланишимизга монанд бозордаги ўрнини эгаллайди. Кавлаб олиб сотмасдан, ҳақиқатда нима ишлаб чиқарсак, ўшани оламиз. Мен доллар 2016 йил мартига келиб 350 тангани ташкил қилишини прогноз қилгандим, бироқ бу эртароқ юз берди. Кейинги рақам 400 танга бўладими ёки 500 танга, бунинг аҳамияти йўқ. Бундай шароитларда одамлар ҳам, бизнес ҳам яшашга ўрганиши керак. Фикримча, Brent нефти нархи умуман 15-10 долларгача тушиб кетиши мумкин, келгусида эса углеводородлар умуман энергетикада ўзининг етакчи мавқеини йўқотиши мумкин”, деб айтмоқда Коваль.

Иқтисодчининг фикрича, юз берган вазиятдан давлат хизматчилари сонини камайтириш ва миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан чиқиш мумкин. “Биз ички бозор учун валюта ва хорижий етказиб берувчилардан мустақил бўлган зарур маҳсулот ва хизматларнинг 80 фоизини ўзимиз яратишга ўрганишимиз керак. Бу ишни озиқ-овқат ва кийим-кечак ишлаб чиқаришдан бошлаш мумкин”, деб айтмоқда Коваль.

Охирги ҳафтада долларнинг нархи Қозоғистонда анчага ошиб кетди. 14 декабрда доллар айирбошлаш шохобчаларида 340 тангадан сотилган. Эртаси куни танга ўз мавқеини бироз мустаҳкамлаб, бир доллар учун 335-337 танга қийматида ўрнатилди.

Top