12:27 / 17.12.2015
2663

ОАВ: Ироқда гаровга олинган 26 нафар қатарликдан 9 нафари озод қилинган

16 декабрь куни Ироқ ҳудудида жангарилар қўлига асирликка тушган 26 нафар қатарликдан 9 нафари озод қилинган. Бу ҳақда Al Arabia телеканали хабар берди.

Манбанинг ёзишича, озод қилинганлар Қатарга қайтиб келган.

Қатарликларнинг мамлакат жанубидаги Нажаф саҳросида гаровга олингани ҳақида Ироқнинг Мутанна вилояти губернатори Фалаҳ аз-Зийади As Sumaria телеканали орқали маълум қилганди.

Маълум қилинишича, бу ҳодиса Бағдод шаҳридан 280 км жануби-ғарбдаги Ас-Самава шаҳри яқинида юз берган. Унинг қайд этишича, Ироқ ТИВ бу қатарликлар гуруҳига мамлакат ҳудудида ов қилиш ҳуқуқини берган, шунингдек уларни мавжуд хатарлар тўғрисида огоҳлантирганди.

Кўп ўтмасдан Қатар ТИВ бу ҳақдаги маълумотни тасдиқлади, лекин гаровга олинган қатарликлар сонига аниқлик киритмади.

Қатар ҳукумати ўз фуқароларини озод қилиш учун Ироқдаги алоқаларини ишга солиши ҳақида маълум қилганди.

ОАВда берилган маълумотларга кўра, гаровга олинган овчилар гуруҳи орасида Қатар қироллик оиласининг вакиллари ҳам бўлган.

Асирликда қолаётгани гумон қилинган бошқа қатарликларнинг тақдири қай тариқа кечгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Top