22:28 / 17.12.2015
3081

Қирғизистон ҳукумати парламентга божхонага совға қилинган хорижий русумдаги автомобиллар бўйича ҳисобот беради

Қирғизистон ҳукумати парламентга Давлат божхона хизматига совға қилинган хорижий русумдаги автомобиллар бўйича ҳисобот беради. Бу ҳақдаги қарор 17 декабрда Жогорку Кенеш йиғилишида қабул қилинди.

Аввалроқ икки депутат – Мирлан Жеенчўроев ва Руслан Казакбоев божхона хизмати раҳбарияти хусусий компаниядан ёки 3 та, ёки 6 та қимматбаҳо автомобиль олгани ҳақидаги маълумотлар борлигини айтишганди. “Интернетда қизғин муҳокама кетмоқда. Ҳукумат хизмат тергови ўтказсин! Бу нима бўлган – порами ёки бошқа нарсами? Ахир бу манфаатлар ихтилофику!”, деб айтди “Бир Бўл” фракцияси етакчиси Олтинбек Сулайманов.

Божхона хизмати раиси автомобилларни Россия компанияси ва Қозоғистон саноатчилар уюшмаси берганини айтди. “Барча машиналар бизнинг балансда турибди, бу хусусда биз молия вазирлигига маълумот берамиз”, деб айтди амалдор.

Сулаймановнинг таъкидлашича, ҳеч ким ҳеч нарсани шундоқ бермайди. Шундан кейин парламент спикери ҳукуматдан спикерга ушбу ҳолат юзасидан тўлиқ ва батафсил жавоб беришни сўради.

Top