00:24 / 18.12.2015
5193

Сурия ва Туркия ўртасидаги визасиз режим тугатилди

Сурия Туркия билан ўзаро визасиз режим бўйича 2009 йилда тузилган шартномани бекор қилди. Бу ҳақида Сурия Араб республикаси Ташқи ишлар вазирлигига асосланиб, САНА агентлиги хабар тарқатган.

"Бу Анқаранинг 9 декабрь куни Сурия фуқароларига нисбатан визасиз режимни бекор қилганига жавоб бўлди", дейилади хабарда.

"Сурия ҳукумати Туркия фуқароларининг расмийлаштирилган визага эга бўлмай туриб ўз ҳудудига киришига йўл қўймайди", дея аниқлик киритган Сурия ТИВ матбуот хизмати.
Ҳужжатда қайд этилишича, "Бу қарорларнинг сурияликлар ва туркияликлар ҳаётига келтирадиган таъсирлари учун жавобгарлик Туркия зиммасида бўлади".

10 декабрь куни Туркия Сурия билан чегарасининг 82 километрлик қисмида, ИШИД назоратига ўтган ҳудудларга яқин жойларда (Килис ва Газиантеп) 4 метр баландликдаги девор қуришни бошлагани тўғрисида хабар қилинганди.

Шу йилнинг август ойида Туркия Сурия билан чегарадаги Райҳонли шаҳарчасини баланд деворлар билан ўраб олганди.

АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер чоршанба куни Туркия ўзининг шарқий чегараларини мустаҳкамлаши кераклиги ҳақида айтиб ўтган.

Top