09:06 / 20.12.2015
1971

Покистонда автобус ва бензовоз тўқнашиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди

Покистонда Хуздардан Карачига олиб борувчи йўлда йўловчи автобуси ва бензовоз тўқнашиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди. Яна 10 нафардан кўпроқ одам жароҳат олди, деб хабар бермоқда The Express Tribune нашри.

Дастлабки маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси бензовозни айланиб ўтиш пайтида бошқарувни қўлдан чиқарган ҳамда унга урилган. Автобус ҳайдовчиси ҳибсга олинди, нохуш ҳодиса тергов қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий ОАВлар тўқнашувни тасвирлаш пайтида ён томони пачоқланган сайёҳлик автобуси ва ёниб кетган микроавтобус суратини қўйишмоқда. Шу боис, бу транспорт воситаларидан айнан қайси бири йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этгани мавҳум бўлиб қолмоқда.

Кўп сонли қурбонларга олиб келган, юк машинаси иштирокидаги яна бир автоҳалокат Файсалободда юз берди, деб хабар бермоқда SAMAA TV.

Бу ҳодисада юк машинасининг катта тезликда ҳаракатланиши унинг тўнтарилишига олиб келган, оқибатда икки киши ҳалок бўлган, 8 киши жабрланган.

Top