09:45 / 22.12.2015
10403

Эрдўған Туркиянинг Россияга экспорти ҳажми ортишига ишонч билдирмоқда

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг Россияга экспорти ҳажми бу 2 давлат ўртасидаги сиёсий зиддиятга қарамасдан ўсишда давом этишига ишонч билдирмоқда. У бу ҳақда Бурсада ўтказилган Савдо-саноат палатаси йиғилиши вақтида айтиб ўтган.

"Россия билан ўртамиздаги мавжуд муаммоларга қарамасдан мен Туркиянинг бу давлатга ўз маҳсулотларини экспорт қилиши ҳажми ортишига ишонаман. Сиз бундан хавотир олмасангиз ҳам бўлади", деган у.

24 ноябрь куни Туркия Ҳарбий кучлари Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини уриб тушириши икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашишига олиб келди.

Россия президенти Путин Су-24 Туркиянинг F-16 самолёти “ҳаво-ҳаво” ракетаси орқали уриб туширилгани ва Туркия чегараси яқинида қулагани ҳақида маълум қилди. У ушбу можарони террорчилар шериклари томонидан “зимдан берилган зарба” дея баҳолади ва Туркияга қарши бир қатор иқтисодий чоралар қўллаш ҳақида фармон эълон қилди.

Россия Ҳарбий Кучлари Бош Қўмондонлик штаби Су-24 Туркия ҳаво чегарасини бузмаганлигини такрорлади. Бунга далил сифатида Сурия Ҳаво Мудофааси маълумотларини келтирди. Аммо Туркия Су-24 мамлакат ҳаво чегарасини бузган деган фикрини ўзгартирмади.

Нохуш ҳодиса натижасида бир учувчи ҳалок бўлган. Штурман омон қолган. Россия Анқарага етказилган зарар учун товон тўлаш ва узр сўраш талабини қўйди. Туркия эса ўз ҳаракатига чегарани ҳимоя қилганини асос қилиб кўрсатиб, Россия қўйган шартларни бажаришдан бош тортди.

Top