Ўзбекистон мудофаа вазирлиги Георгий тасмасидан воз кечишга чақирди
Ўзбекистон мудофаа вазирлиги қошидаги жамоат кенгаши Иккинчи жаҳон уруши якунининг 70 йиллиги муносабати билан Россияда, ундан сўнг эса қўшни давлатларда урф бўла бошлаган Георгий тасмаларининг ўрнига Ўзбекистон давлат байроғи тимсоллантирилган тасмалардан фойдаланишни таклиф қилди.
“Георгий тасмаларини ўз машиналари антенналарига илишади. Бу қаердан келди? Бизга қандай алоқаси бор? Нега унинг ўрнига ўз байроғимизни ишлатмаймиз?”, - деди кенгаш раиси Иқболжон Мирзаалиев.
Унинг фикрига кўра, Георгий тасмасининг Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва одамларга буни тушунтириш лозим.
Россия журналистлари ва жамоатчилик фаоллари 2015 йил давомида Георгий тасмасини ҳарбий шуҳрат ва ғалаба тимсоли ўлароқ тарғиб қилиб келди. Аммо қўшни давлатларда бу рамзга бўлган муносабат турлича. Унга рус миллатчилиги ҳамда Россия Империясининг Ўрта Осиёдаги истилолари рамзи сифатида қарайдиганлар ҳам бор. Шу туфайли мазкур тасманинг қўлланилиши баҳсларга сабаб бўлмоқда.