12:01 / 25.12.2015
5957

Қорақалпоғистонда 23.5 млн сўмлик пиротехника воситалари ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланди

Янги йил байрами арафасида фарзандларига гўёки хурсандчилик улашаман деган калта ўй билан пиротехника воситаларини излаб қолувчилар аслида фарзандларининг саломатлиги ва жамият осойишталигини жиддий  хавф остига қўйишади. Қулай фурсатдан фойдаланиб қолишга уринувчи устомонлар эса пиротехника воситаларини яширин равишда олиб киришга уринишади.

Пиротехника воситаларини республикамиз худудига қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг олдини олиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида йил бошидан буён 18 та божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб жами 36,6 млн. сўмлик 30,7 минг дона пиротехника воситалари ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди.

Жумладан, жорий йилнинг 11 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида фуқаро А.Қутлымуратовга (исми-шарифлар ўзгартирилган) тегишли гараж ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда қиймати 23.5 млн. сўмлик оғирлиги 56кг.дан ортиқ 5526 дона пиротехника воситалари ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақланаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2015 йил 22 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида, “Алмата-Нукус” йўловчи поездининг йўловчиси, қўшни давлат фуқароси М.Алимжонов божхона кўригидан омон-эсон ўтиб олиш ва пиротехника воситаларини шерикларига қулай тарзда етказиш мақсадида  қиймати 10 млн. сўмлик 19,5 кг. оғирликдаги 25 минг дона пиротехника воситаларини Нукус шаҳри ҳудудида вагондан улоқтириб юборади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-261-сонли қонуни билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси  2501-модда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

 

 

 

Top