19:43 / 27.12.2015
2391

Озарбайжон нефть платформасидаги ёнғин қурбонлари сони 8 нафарга етди

Қутқарувчилар Каспий денгизининг туркман секторидан нефтчилардан бирининг жасадини топишди. Бу билан Озарбайжоннинг “Гюнешли” нефть платформасида келиб чиққан ёнғин қурбонлари сони саккиз нафарга етди, дея хабар бермоқда Озарбайжон ФВВ матбуот хизмати.

"Беркар" кемасида Туркманистон қирғоғидан 60 километр масофада олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида эркак кишининг жасади аниқланди... унинг жасади туркманларнинг "BAYAN" кемаси бортига кўтариб олинганидан сўнг Туркманбоши портига етказилди”, - дейилади хабарда.

Маҳкаманинг аниқлик киритишича, ҳалок бўлган шахс Озарбайжон давлат нефть компанияси ишчиси Иман Гасимов бўлиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 5 декабрь куни Озарбайжоннинг SOCAR компаниясига тегишли нефть платформасида ёнғин рўй берган эди. Оқибатида энг камида 30 киши ҳалок бўлган, 33 кишининг ҳаёти қутқариб қолинган бўлса, 22 киши бедарак йўқолган, деб эълон қилинган.

Маълумотларга кўра, ёнғин бўронли об-ҳаво шароитида газ линиясининг ишдан чиқиши оқибатида юзага келган. Бундан ташқари, олов платформадаги нефть ва газ қудуқларига ўтган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда.

Top