17:43 / 28.12.2015
5613

Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида байрам тантаналари бошланди

Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида чироқлар ва безаклар билан ясатилган арча атрофида куй-қўшиқлар янграб, қувноқ ўйинлар, театрлаштирилган томошалар бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Турли аттракционлар, арғимчоғу мўъжаз ўйингоҳлар болалар хизматида. Расталарда кичкинтойлар учун турли ўйинчоқлар, ширинликлар, байрам совғаларининг савдоси авжида.

Байрам тантаналари учун махсус барпо этилган катта саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари ижросида «Янги йил саргузаштлари» номли театрлаштирилган томоша кичкинтойлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Насриддин Афанди, Шум бола, Эгри ва Тўғри, Зумрад ва Қиммат иштирокидаги томошалар болаларга бир олам қувонч улашмоқда.

«Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ‘Ўзбекнаво’ эстрада бирлашмаси, ‘Ўзбектеатр’ ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан юксак савияда ташкил этиладиган байрам шодиёналари Тошкентдаги кўплаб маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларда барча-барчани чорлаётир.

Бундай байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда», — дейилади ЎзА хабарида.

Top