20:34 / 01.01.2016
41069

Абдумўмин Ўтбосаров юрак хуружи туфайли вафот этгани айтилди

Бугун, 1 январь куни Ўзбекистон халқ артисти, олий тоифали сухандон Абдумўмин Ўтбосаров вафот этди.

Марҳум бугун "Бодомзор" масжидида ўқилган жума намозидан кейин Минор қабристонига қўйилган.

Унинг ўлими ҳақидаги тафсилотларга аниқлик киритиш учун у ишлаган муассасага, МТРКга мурожаат қилинди.

Ташкилотдагилар марҳумнинг 31 декабрь куни ишга чиққанини, у куннинг биринчи қисмида тоби қочиб, шифохонага олиб кетилганини айтган. Шифокорлар дастлаб унда юрак хуружини қайд этишган ва хавотирга ўрин йўқлигини айтишган.

Лекин 1 январь куни эрталаб унинг ўлими ҳақида хабар берилган. Марҳум 55 ёшида дунёни тарк этди.

Kun.uz таҳририяти Абдумўмин Ўтбосаровнинг яқинлари билан боғланганида улар марҳумда аввал юрак билан боғлиқ муаммолар бўлмаганини айтишди. Лекин унда қон босими тез-тез кузатилиб турганини билдиришган.

Сухандоннинг ўлими ва бу ҳодиса тафсилотлари ҳақида расмий манбаларда маълум қилинмади.

Top