Жамият | 11:56 / 01.01.2016
3656
2 дақиқада ўқилади

Гонконгда “Макдоналдс”нинг янги авлоддаги тамаддихонаси очилди

2015 йилнинг декабрида Гонконгда “Макдоналдс” тамаддихоналар тармоғининг янги шохобчаси очилди. Бу шохобча тармоқнинг янги авлоддаги “McDonald's Next” келажак тамаддихонаси сифатида эътироф этилмоқда. Янги тамаддихона тармоқнинг анъанавий шохобчаларидан дизайни ва таом тайёрлашга ёндашуви билан фарқланиб туради. Шохобча дизайни Landini Associates дизайнерлик фирмаси билан бирга яратилган.

Ушбу “Макдоналдс”да нафақат Wi-Fi’дан фойдаланиш, балки телефонни қувватлаб олиш мумкин: қувватлаш қурилмалари ҳар бир столда жойлашган.

Тамаддихонадаги ёғоч устунлар ва тармоққа хос бўлган анъанавий оқ ва қизил рангларнинг йўқлиги бу ерда авваламбор таом, хизмат ва мижозлар диққат марказига айланишини назарда тутади.

Иншоотдаги сунъий ёруғлик автоматик тизим томонидан бошқарилади ва кун қисмига монанд ўзгаради: у кундуз бўйи ёрқин, кечки пайт эса бироз вазминроқ бўлади. Соат 18.00дан кейин мижозлар буюртмани столгача олиб келадиган официантларнинг хизматидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Аввалроқ тармоқнинг Австралиядаги шохобчаларида синовдан ўтган сенсор экранлар ёрдамида мижоз турли масаллиқлардан ўзига сэндвич ва салат тузиши мумкин. Бу сэндвич ва салатлар айнан мижоз танлаган масаллиқлардан тайёрланади.

Тамаддихонага келаётган мижозлар бу ердан олинган суратларни ижтимоий тармоқларда ҳам чоп этишмоқда. Бундай суратларнинг кўпини #mcdonaldsnext хэштеги орқали топиш мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш